“ЛАЗГИ” АШУЛА ВА РАҚС АНСАМБЛИ
Қулоқ тутинг бир нафас оромижондир лазги,
Илоҳийдан келган сас, руҳи-равондир лазги.
Париваш ҳиромида офатижондир лазги,
Қадим элда ўлмас наво-тенгсиз жаҳондир лазги.
Оҳиста куй остида саҳнага майин қадам ташлаб мисли жон ато этилаётган инсон сингари аста бармоқлари сўнг қўллари нозик ҳаракатга келиб, бошини кийғир бўйин ила енгил титроқла рақсга туша бошлаган раққосани кўриб қалбимиз ҳам титраб, танамизга жон киргандак бўлади. Кўнглимиз кўтарила бошлайди. Шу аснода қўшиқ ҳам шўхчан темп олиб раққоса ҳам битмас туганмас парвозга қўшила бориб мисли камалак сингари бири-биридан ранг-баранг, гўзал ҳаракатлар ила ҳиром айлайди. Уни ҳар бир мушагида қон гупуриб туради. Ҳақиқатан, лазги инсоннинг бениҳоя куч – ғайрати ифодасидир. У киши кўз ўнгида пайдо бўлади, яшайди, исён кўтаради, у тўхташи ёки йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Сабаби у чексиз. Рақснинг интиҳоси ҳам худди шундай, кескин юз беради, раққоса тугалланмаган ҳолатда қотиб қолади. Лазги қўшиғини тинглаб, рақсини кўрар эканмиз, истар-истамас кайфиятимиз кўтарилиб рақсга тушгимиз келади. Бу эса Хоразм рақс санъатининг сеҳрли кучга эга эканлигидан далолат беради.